ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

          Шу йил 21 феврал куни «ҚР Пресса» телеграм-каналида Хўжайли туманида истиқомат қилувчи фуқаро К.Авезжановдан уйига ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг жуда тез айланаётгани ҳақида шикоят келиб тушган эди. «Ҳеч бир мурожаат жавобсиз қолмаслиги зарур» тамойилига риоя қилган ҳолда,  Хўжайли тумани электр таъминоти корхонаси мутахассислари  ушбу фуқаронинг хонадонида бўлиб, янги авлод электр ҳисоблагичларининг нима мақсадда ўрнатилаётгани тўғрисида тушунтириш ишларини олиб боришди.
         Таъкидлаб ўтилганидек, эски электр ҳисоблагичларни янгисига алмаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги  «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўтказилмоқда.  «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан мамлакатимиз бўйлаб босқичма-босқич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда

          Мазкур қарорга кўра, «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан ҳам электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари жадал суръатларда бошлаб юборилган. Жумладан, шу кунларда Хўжайли туманида янги  ҳисоблагичлар қуйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мутахасисслар мижозга жорий этилаётган тизимнинг аҳамияти ва афзалликлари тўғрисида  маълумотлар,  шунингдек Авезжановлар оиласининг электр энергиясидан фойдаланганлиги учун тўловларни амалга оширганлиги ҳақидаги ҳисоб-варақаларидан кўчирма тақдим қилганидан сўнг мурожаат эгаси томонидан таъминотчи корхонага даъво-аризаси йўқ эканлиги  тўғрисида тушунтириш хати ёзиб берилди.

 

 

 

 

 

 

 

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати