МАТБУОТ АНЖУМАНИ

          Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда корхона томонидан 2021 йил биринчи чорагида бажарилган ишлар ва галдаги вазифалар, шунингдек истъемолчилардан келиб тушаётган муаммоларнинг ечимига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.  Унда Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олинган ОАВ ходимлари иштирок этди. Йиғилганлар олдида сўзга чиққан  «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори З.Керимзатов  корхонада амалга оширилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтди ва радио-телевидение, оммавий ва электрон нашрларида фаолият юритувчи журналист ва блогерларни қизиқтирадиган мавзулар бўйича тушунчалар берди. Жумладан жорий йилнинг ўзида корхона томонидан 33 км ҳаво электр тармоқлари ва 57 дона трансформатор пунктларида реконструкция ишлари, 184 км  ҳаво электр тармоқлари ва 33 дона трансформатор пунктларида йирик таъмирлаш ишлари бажарилди.

          Корхона раҳбари истъемолчиларни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлашда юзага келаётган айрим учраб турадиган камчиликларнинг сабабига ойдинлик киритди. Қайд этилганидек, электр энергияси таъминоти тизими анча эскирган бўлиб, уни реконструкция ва модернизация қилишга фақатгина сўнгги йилларда етарли эътибор қаратила бошлади. Айтайлик, «Қорақалпоқ ҲЭТК» АЖ тизимига 2016 йилда 16 км ҳаво линияларини ва  2 та трасформатор пунктини таъмирлаш учун маблағ ажратилган бўлса, 2021 йилда 832,9 км электр тармоқлари ва 212 та трансформатор пунктлари таъмирланиши режалаштирилган. Президентимиз қарорига биноан бу борадаги ишлар давом эттирилиб, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш режалаштирилган. Журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олдилар. Тадбир иштирокчиларини соҳага оид янгиликлар билан таништириш мақсадида корхона бўйлаб  пресс-тур ташкиллаштирилди.

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати