ҲАММА ҲАШАРДА

   

       

 

 

 

 

 

      “Ҳашар – элга ярашар” деган мақолда теран маъно бор. Азал-азалдан халқимизга ҳос бўлган айни шундай тадбирлар давомида юртдошларимизнинг  бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик сингари ажойиб ҳислатлари яққол намоён бўлиб, яқинлашиб келаётган қутлуғ айём - Наврўз байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади. Бугун ҳам шундай бўляпти. Об-ҳавонинг инжиқлиги хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшишга аҳд қилган юртдошларимизга тўсиқ бўла олмайди.

    Эрта тонгдан ҳашарда иштирок этиб ўзи меҳнат қиладиган корхонанинг ён-атрофини, туғилиб-ўсган шаҳрининг  кўчаю-хиёбонларини тартибга келтириш учун чиққан «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг кайфияти аъло даражада. Сабаби улар эл-юрт ривожига ўз ҳиссасини қўшаётганини чуқур ҳис этишади. 
    Улар томонидан шаҳарнинг кўча ва хиёбонлари, корхона ва ташкилотлари атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланиб, мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилмоқда. Умумхалқ ҳашари тадбирлари давом этмоқда.

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати