ФАХРИЙИМИЗ – ФАХРИМИЗ

 

 

 

 

 

 

    

              Дунёда инсон ўзини қачон бахтли деб билади? Албатта, элга ҳалол, пок меҳнат қилиб, унинг натижаси кўзга ташланганда. Бизнинг меҳнат жамоамизда бор билимини, кўникмаларини, тажрибаси ва ғайратини  эл-юрт равнақи йўлида сарфлаб, Ватанимизни гуллаб-ривожланишига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган мутахассислар кўплаб топилади. Уларнинг бири «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси Валерий Петрович Стаценкодир. Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида таваллуд топган қаҳрамонимиз қанчадан-қанча қийинчиликларни бошидан ўтказмади дейсиз? Иккинчи Жаҳон уруши халқимизнинг бошига қандай кулфатлар олиб келганини у жуда яхши билади. Болалиги уруш йилларидан кейинги иқтисодиётни тиклаш даврига тўғри келган. Шу даврлардан ота-онасига доимо қўлқанот бўлиб ўрганган  Валерий 15 ёшида тумандаги электр таъминоти корхонасига ишга жойлашади.
- Мана шундан бери 56 йил ўтибди,- деб хотиралайди нуроний оқсоқол.

     Замон ўзгарди, давлатимиз мустақил бўлди, лекин электр энергетикаси соҳасининг нуфузи доимо юқорилигича қолмоқда. Мен ҳам ушбу тармоқ ривожига ўз ҳиссамни қўшиб келаётганимдан ва ёшларга озгина бўлса ҳам йўл кўрсатишга муваффақ бўлганимдан фахрланаман- дея сўзини якунлади камторана инсон биз билан суҳбатда. 
    Албатта, биз нуроний оқсоқолни бежиз мақола қаҳрамонига айлантираётганимиз йўқ. Янги 2021 йил арафасида В.П. Стаценкога «Мустақил Давлатлар ҳамкорлигида хизмат кўрсатган энергетик» фахрий унвони берилгани ҳақида хўшхабар тарқалган эди. «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ мажлислар залида ушбу унвонни ўз эгасига топшириш маросими катта тантанага айланиб кетди. Йиғилганлар олдида сўзга чиққан «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори З.Керимзатов ва жамоа аъзолари   бугунги кунги энергетика тизимида эришилган ютуқлар замирида фахрий ходимларнинг улуши катта эканлигини таъкидладилар. 
      Мукофот ўз эгасига тантанали равишда топширилди. 
          Касбдошлари олдида сўзга чиққан В.П. Стаценко ушбу юксак мукофотни бутун жамоага берилган деб қабул қилишини ва келгусида ҳам электр энергетикаси тизимини тараққий эттириш учун бор куч-ғайратини аямаслигини билдирди.

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати