ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ БАЖАРИЛИШИ НАЗОРАТДА

      

 

 

 

    

 

 

 

     Қораузак тумани ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрда имзолаган «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4889 сонли Қарорининг  бажарилишини таъминлаш масаласига бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Мажлисда таъкидлаб ўтилганидек, мазкур Қарорда Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, 2020–2022 йилларда ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 12,3 триллион сўмлик 1 359 та лойиҳани ишга тушириш ва 17,5 мингта янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, 523 миллион АҚШ доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш; халқаро молия институтларининг 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағларини муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга йўналтириш белгиланган.

     Ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳудудларга Олий Мажлис Сенати аъзолари,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари туман кенгашлари депутатлари масъул этиб бириктирилган. Қораузак туманига масъул этиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси  Касаба уюшмалари бирлашмаси федерацияси раиси Улуғбек Жалменов ва  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Бош директори Зинатдин Керимзатовлар Президент Қарорида ҳар бир шаҳар ва туманнинг «ўсиш нуқталари» белгилаб олинганлигини ва бу борадаги ишларнинг бошлаб юборилганлигини қайд этдилар. Жумладан, Қораузак туманида 2020-2023 йилларда жами 879,1 млрд сўмлик 93 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан 152,3 млрд сўмлик лойиҳалар ижтимоий соҳа объектларига ва йўл-транспорт муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлашга оиддир. Жумладан туман марказида замонавий талабларга жавоб берадиган амфитеатр қуриш, «Қуралпа» ОФЙ ҳудудида 100 та ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасини қуриш, туман марказидаги жами 15 км узунликдаги 21 та кўчада қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари 726, 8 млрд сўмлик 59 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилади. Қарор доирасига кирувчи ҳар бир лойиҳанинг алоҳида назоратга олиниши, уларни ҳаётга татбиқ қилишга тўсиқ бўладиган омиллар бартараф этилиши ҳақида сўз юритилди. Депутатлар туманнинг иқтисодий салоҳияти билан танишиш мақсадида қатор тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш корхоналарида бўлдилар.

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати